20-07-2017, 15:42
Кўрилди: 462

Аҳоли мамнун


 Президентимизнинг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳам пенсия ва нафақалар Халқ банки филиаллари томонидан етказилмоқда. –Маҳалламизда 250 га яқин фуқаро пенсия ва нафақа олади, – дейди “Тадбиркорлар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруз Мамадалиев. – Белгиланган жадвал асосида банк ходимлари келиб, сайёр касса орқали пенсия тўламоқда. Мустақил ҳаракатланиш имкониятига эга бўлмаган шахслар, беморларга пенсия ва нафақа пуллари улар яшайдиган манзилга етказиб берилмоқда. Яратилган қулайликлардан аҳоли мамнун.


Тадбиркорнинг муваффақият формуласи

Наманган вилоятининг Наманган тумани Шўрқишлоқ қишлоғидаги тухум ва гўшт етиштиришга ихтисослашган “Golden egg of Namangan” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ошмоқда.

“Golden egg of Namangan” корхонаси билан танишиш, жамоанинг ибратли ишлари ҳақида ёзиш мақсадида йўлга тушар эканмиз, рости, у ерни бир вақтлардагидек ҳовлисида гўнг ҳиди бурқсиган, бинолари абгор, ҳавоси бадбўй, деган хаёлга борган эдик. Йўқ, ташвишимиз ўринсиз бўлиб чиқди. Ҳамма ёқ обод-ораста, 100 минглаб парранда боқиладиган корхонага сира ўхшамайди. Корхона ҳудудига киришингиз билан узуми тарсиллаб турган токзор остида юзлаб тувакларда ноёб гуллар сизни қарши олгандай яшнаб ётибди. Ўнг томон бурилсангиз, мевасининг кўплигидан шохлари эгилган нок, шафтоли ва олмазор боғ. Дарахтлар қатор оралиғига сабзавот ва бошқа экинлар экилган. Қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган корхона ҳудудининг бундай манзараси раҳбарнинг ишнинг кўзини биладиган тадбиркор эканидан далолат бериб турибди. 

– Мамлакатимизда яратилаётган шароитлардан фойдаланиб, кўп йиллар давомида ташландиқ ҳолга келиб қолган эски паррандачилик фермасини ижарага олиш билан иш бошлаганмиз, – дейди корхона раҳбари Абдулҳафиз Шамсиддинов. – Ўшанда бу биноларни таъмирлаш билан ўнглаб бўлмайди-ёв, тубдан реконструкция қилиш керак, деган хулосага келдик. Тўғри қилган эканмиз, агар бошида маблағимизни шу ишларга сарфлаб қўйганимизда, асосий иш қолиб кетиб, бугунги даражага етолмасдик. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган кенг имкониятлар туфайли фаолиятимизни йўлга қўйиб олдик, иқтисодий кўрсаткичимиз ортиб бормоқда. Энди эски бино ва иншоотларни замонавий андозаларда реконструкция қилиш ҳақида ўйласак бўлади. 


Батафсил