21-07-2017, 12:00
Кўрилди: 456

Қўшкўпир туман ҳокими С.Юсуповнинг 1-июнь- Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни тадбиридаги МАЪРУЗАСИ

Ассалому алайкум ҳурматли элдошлар, азиз ота-оналар, жажжи болажонлар! Авваламбор барчангизни бугунги байрам-яъни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий табриклайман. Азиз ота-оналар, келажагимиз эгалари бўлган қадрли болажонлар, барчамиз яхши биламизки, бизнинг мамлакатимизда келажак авлод камолотига давлат сиёсати даражасида қаралади. Сиз учун барча имконият ва имтиёзлар яратилган. Ушбу имконият ва имтиёзлар сизларни келажакда муносиб ворис бўлиб етишишларингизга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланганидек, сиз ҳамиша давлат ҳимоясидасиз, бепул таълим олшингиз, бепул тиббий хизматдан фойдаланшингиз тўла кафолатланган. Мамлакатимизда болаларни спорт билан шуғулланиши, санъат ва ижод соҳасида ўз қобилиятини намойиш этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Туманимизда ҳам болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, болалар мусиқа ва санъат мактаби, “Баркамол авлод” маркази тўлақонли фаолият юритиб юзлаган болажонларни ўз иқтидорлари доирасида машғулотларда қатнашишларига шарт-шароит яратмоқда. Шунингдек, 25 та мактабгача таълим муассасалари, 53 та умумтаълим мактаблари замон талаблари даражасида жиҳозланиб, фарзандларимизнинг чуқур билим эгаллаб, ҳаётга йўлланма олишлари учун хизмат қилмоқда. Азиз болажонлар, сиз ҳамиша ғамхўрлик, меҳр, муҳаббат оғушидасиз. Бугунги кунда ғамхўрликлардан фойдаланган жажжи фарзандларимиз мусиқа ва спорт бўйича республика миқёсида ўтказиладиган танловларда муваффақиятли қатнашмоқдалар. Ишонамизки, барчангиз ҳамиша ғолиблар сафида бўлиб, билимларни чуқур эгаллаган ҳолда етук мутахассис бўлиб етишиб чиқасиз. Зеро, мамлакатимизда бунинг учун зарур бўлган барча шароитлар муҳайё қилинган. Сиз имкониятлар мамлакатида саодатли, тинч юртда яшамоқдасиз. Аллоҳга шукур, юртимиз тинч осмонимиз мусаффо. Фурсатдан фойдаланиб сиз азиз болажонларни барча тадбир иштирокчиларини бугунги байрам муносабати билан яна бир карра самимий муборакбод қиламан ва ҳамиша соғ-саломат бўлиб, баҳтиёр умр кечиришингизни, ўз орзу-ниятларингизга эришишингизни астойдил тилаб қоламан.



9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туман ҳокимининг маърузаси

Ассалому алайкум, ҳурматли элдошлар! Азиз отахонлар, иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатиб, қонли жанггоҳлардан омон қайтган мард, фидойи инсонлар ва меҳнат фахрийлари! Мана бугун Иккинчи жаҳон уруши тамом бўлганига 70 йил тўлди. Орадан шунча йиллар ўтса-да уруш даҳшатлари, ўша даврдаги оғир кунлар ҳануз халқимизнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. 1941-45 йилларда Қўшкўпир туманидан жами 4529 нафар ёш йигит жангга отланди. Шулардан 2828 нафари юртимизга қайтиб келдилар. Лекин, кўпчилиги ногирон бўлиб, соғлигидан ажралган эдилар. Кимдир фарзандидан, кимдир отасидан яъни, ўз яқинларидан жудо бўлди. Бир томондан жудолик азоби, бир томондан очарчилик халқимиз иродаси, сабр-бардошини синовдан ўтказди. Ўзбек халқи оғир синовларга бардош бериб қолмасдан урушда етим қолган болаларни бағрига олиб, ўз фарзандидек меҳр билан тарбиялаб, чинакам инсонийлик фазилатларини намоён этдилар. Азиз элдошлар, инсон қадри улуғ, хотираси абадийдир. Бугунги фаровон ҳаётимиз, келажак авлодлар учун жонини фидо қилганларни халқимиз асло унутмагай. Биз билан бугун ёнма-ён яшаётган уруш ва меҳнат фахрийларига эса ҳукуматимиз ва халқимиз томонидан иззат-икром кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийларини Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги эсдалик медали билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ уруш ва меҳнат фаҳрийларига эсдалик медали ва уруш қатнашчиларига 700000 сўм пул мукофоти топширилди. Чунки бу азиз инсонлар эъзозга, ҳар қандай улуғ эҳтиромга муносибдирлар. Урушдан кейинги даврда ҳам урушдан қайтиб келган қаҳрамонлар халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлаб, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг ривожи, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшдилар. Мустақилликка эришганимизда айнан шу инсонларнинг ўзига яраша улуши бор. Шу инсонлар туфайли биз бугунги фаровон, тинч кунларга етиб келдик. Буни ҳеч ким ҳеч қайси авлод асло унутмагай. Яхши инсонлар, қаҳрамонлар хотираси мангудир. Азиз ва муҳтарам фахрийлар, фурсатдан фойдаланиб, Сизни туман ҳокимлиги, туман аҳли номидан яна бир карра Хотира ва қадрлаш куни билан муборакбод этишга рухсат бергайсизлар. Умрингиз узоқ, жонингиз соғ бўлсин. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтганларни ёд этиш, аждодларимиз эзгу амалларини эслаш, уларнинг руҳларини шод этиш миллий қадриятларимиздан саналади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Бугун 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ўтганларни, бизнинг бахтли ҳаётимиз учун ўзини қурбон қилганларни меҳр билан, қарздорлик ҳисси билан хотирлаймиз. Биз билан елкама-елка туриб яшаётган, ўз эзгу ишлари билан мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшганларни қадрлаш бурчимиздир. Хотира ва қадрлаш куни барчамизга қутлуғ бўлсин. Хонадонларингиз тинч ва файзли бўлсин. Отахонларимизга яна бир бора узоқ умр тилаб қоламиз. Раҳмат


Қўшкўпир тумани ҳокими С. Юсуповнинг “Жаннатмакон” тўйхонасида сўзлаган маърузаси

Ассалому алайкум, ҳурматли элдошлар, азиз ота-оналар! Авваламбор барчангизга чин кўнгилдан тўйлар муборак бўлсин деймиз ва ушбу қутлуғ кун билан муборакбод қиламиз. Халқимизда шундай бир ажойиб нақл борки, уни ҳаммамиз ёддан биламиз. Яъни яхши кунлар, тўйларни кўрганда “ҳаммани шундай кунга етказсин” дея тилаклар тиланади. Бугунги тўй сабабчиларини қутлаган ҳолда, сизларга қисқача маълумот бериб ўтишни лозим деб топдим. Ушбу тўй “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида “Президент эътибори-мурувват тадбирларида” шиори остида ўтказилмоқда. Унда туманимиздан 27 нафар, Урганчдан 16 нафар, Хивадан 1 нафар жажжи болажонларнинг суннат тўйлари нишонланмоқда. Меҳр-мурувват кўрсатиш, саховатпешалик халқимизга хос қадриятлардан саналади. Президент ташаббуси остида амалга оширилаётган ушбу саховатпешалик замирида халқимизга хос қадриятлар устувордир. Бугун тўйхонага ташриф буюрган ота-оналар, қолаверса, кенг жамоатчилик, тўйболаларнинг хотирасида умрбод сақланиб қолиши турган гап. Ҳурматли элдошлар, тўйбошилар, аслини олганда тўй, байрамлар тинч ва осуда юртга ярашади. Аллоҳга шукурки, мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик барқарор, қолаверса, ёш авлод камолотига давлат сиёсати даражасида қаралмоқдадир. Бугунги тўй ҳам ғамхўрлик, эътиборнинг ёрқин намунасидир. Азиз, жажжи тўйболалар, ота-оналар барчангизни яна бир бора Қўшкўпир туман ҳокимлиги, туман фаоллари номидан самимий табриклайман. Илоҳим, бошларингиз тўйдан чиқмасин. Тўйболалар улғайиб, Ватанга хизмат қиладиган инсон бўлиб етишсинлар, барчага узоқ умр, мустаҳкам соғлик тилаб қоламиз.


Батафсил