Аёл! Кейинги йилларда ушбу нозик хилқат вакилларига бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун шароитлар яратилди. Ташаббускор ва лидерлик қобилияти бор аёллар масъулиятли лавозимларга жалб этилмоқда. Ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар эса бугун давлатимиз диққат марказида бўлиб, уларнинг муносиб турмуш кечириши, бугунги ҳаётидан мамнун, рози бўлиб яшашлари йўлида шароитлар яратилмоқда.


Қўшкўпир туманида ишсиз, эҳтиёжманд аёлларнинг қизиқиш ва хоҳишлари йўлида бандлиги таъминлаб келинмоқда.


Жумладан, туманда “Аёллар дафтари”га 3385 нафар ишсиз хотин-қизлар, “Ёшлар дафтари”га 3787 нафар ишсиз ёшлар киритилган. 46 нафар хотин-қиз айни кунда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан Қўшкўпир уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш коллежида касб-ҳунарга ўқитилиб, стипендиялар берилмоқда. Ўқув курслар 3 йўналишда, яъни, ошпазлик, тикувчилик, компьютер технологиялари бўйича олиб борилмоқда.

Шунингдек, "Оқдарбанд" касб-ҳунар мактабига жалб қилинган 62 нафар аёлга тикувчилик йўналишида, 15 нафар ёшларга пайвандчилик йўналишларида касб-ҳунар ўргатилмоқда. Бу каби эзгу амаллар эса уларнинг эртанги куни обод ва фаровон бўлишига замин ҳозирлайди.