25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари куни

БАЙРАМ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

 

Қўшкўпир туманининг “Юсуф бобожон” тўйхонасида нишонланган ички ишлар идоралари ходимлари байрами кўтаринки кайфиятда бошланди. Тадбирни туман ҳокими Жўрабек Раҳимов ўз сўзи билан очиб бериб, соҳа ходимларини касб байрами билан самимий қутлади.  Уларни “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш борасидаги, қолаверса, жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган “Тунги хизмат” тадбирларида фаол бўлиб, жасорат кўрсатаётганликларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ички ишлар ходимларини шарафли бурчини адо этишида куч-ғайрат, мустаҳкам соғлик ҳамроҳ бўлишини тилади. Шундан сўнг юртимиз тинчлиги ва осойишталиги  йўлида хизмат қилаётган туман ички ишлар ходимларидан бир гуруҳини ташаккурнома ва совғалар билан тақдирлади.

– Касб байрамимизнинг байрам сифатида кенг нишонлангани соҳамизга бўлган юксак эътибор ва ишонч ифодасидир, – дейди капитан Санжарбек Олланазаров. –Мамлакатимиз осойишталиги йўлида меҳнат қилиш ички ишлар ходимларининг муқаддас бурчидир. Биз бу йўлда доим фидойилик билан хизмат қиламиз.

         Тадбир давомида туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи  майор Асқарбек Худойшукуров ҳам сўзга чиқиб барча ҳамкасбларини байрам билан табриклади ва халқимиз тинчлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида қонунчилик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.

Соҳа ходимларига байрам дастурхони ёзилди. Байрам кечаси давомида янграган куй-қўшиқлар даврага файз,  жўшқинлик олиб кирди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати