Тарихдан бизга маълумки, Жалолиддин Мангуберди қўшини мўғул босқинидан азоб чекаётган қалъага байроқни баланд кўтарганча кириб борган. Хоразмшоҳлар қўшини келаётган ўша байроқ орқали барчага маълум бўлган. Шундай мард, ватанпарвар саркардаларимиздан бири бўлмиш  Амир Темур ҳазратларининг қўшинида ҳам байроқнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлган. Ҳатто шундай фармон берилганки, лашкар ичида туғ-яловни кўтариб кетаётган сарбоз ўқ еса ҳам, уни қўлидан тушурмаслиги, эгилмаслиги керак. Эгилдими, душманнинг руҳи кўтарилади. Шунинг учун байроқни зинҳор қўлдан бермаслик, уни кўтариб фақат олға юриш шарт ҳисобланган.

Байроқ – ҳар бир миллатнинг ўзлигини, миллий қадриятларини англатувчи давлат рамзларидан ҳисобланади. Шу қаторида барча давлатлардаги каби  ўзбек халқи ҳам ўзининг  ғурури, ифтихори, миллий рамзи аталмиш ўз байроғига эга ҳисобланади. Байроқ сўзи айтилганда ёки, уни кўрган пайтимизда кимларгадир бу оддийгина сўз, оддий бир мато сифатида кўриниши мумкин лекин, мен байроқни бирон-бир ерда кўрсам айниқса, у мадҳия садолари остида кўкларга кўтарилса, қалбимда қандайдир бир туйғу... бу ватан туйғусими? ё байроқнинг мовий ранги сингари тинч ўлкада яшашимданми? Ёки томиримда оқаётган  ўзбек  миллати қони эканиданми? Яна, байроқнинг оқ рангидек кўнгли пок ва тоза бўлган ўзбек миллати фуқароси эканимданми? ёки бўлмаса, байроқнинг яшил ранги сингари гўзал ва бетакрор табиатига эга бўлган давлатимиздан фахрланишимми, билмадим. Бу қалбимдаги туйғуларимни таърифлашга тил ожизлик қилади. Мана мустақиллигимиз рамзи аталмиш байроқ қабул қилинганига ҳам 29 йил бўлибди. Ҳа, байроқ давлатимизнинг рамзидир. Байроғи йўқ юрт қарам юрт сингаридир. Бехудага Нажмиддин Кубро байроқни қўлидан қўймасдан жон таслим қилган эмас. Байроқдан айрилиш ватандан айрилиш демакдир. Демак, ўз миллий ва маънавий бойлигимиз аталмиш байроғимизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз ва унинг жаҳон майдонида ҳилпираши учун ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Токи байроғимиз бор экан, миллатимиз бор, давлатимиз бор, Ватанимиз бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки байроқ — ҳурлигимиз тимсоли, эзгулик ва тинчлик рамзидир!

 

Нодира ЭШЧАНОВА,

туман ҳокимининг

тил масалалари бўйича

маслаҳатчиси