Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўкишга бўлган қизиқишни ошириш бўйича 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида туманимиздаги 2-сонли мактабгача таълим муассасасида тантанали тадбир ташкил этилди.  Унда туман ҳокимлиги, вилоят ва туман мактабгача таълим бошқармаси раҳбарлари, таълим-тарбия сифатини таъминлаш ва методик хизмат кўрсатиш бўлим бошлиғи ҳамда тумандаги барча мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ва тарбияланувчилари иштирок этдилар. Тадбир давомида болажонлар томонидан томошабинларга театр намойиш қилиб берилди. Болалар ўртасида  китоб мутолаасига  янада қизиқтириш, “Отам, онам ва мен китобхон” концепциясини ҳаётга  кенгроқ  тадбиқ этиш мақсадида “Китобхон болажон” танлови ҳам ташкил этилди.  Ёшларни тасаввурларини гўзал тушунчалар билан бойитиш, расм чизишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида “Мафтункор ранглар олами” фестиваллари ташкил этилди.  Шунингдек, иккинчи ташаббус доирасида ёшларни жисмоний чиниқтириш ва спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун спортнинг бокс, кураш, гимнастика ва бошқа турларидан чиқишлар қилинди. Кичкинтойлар иштирокида бадан-тарбия машқлари кўрсатиб берилди. Учинчи ташаббус доирасида ҳам ўзига хос қизиқарли чиқишлар барчанинг эътиборини тортди. Яъни, жажжи болажонлар компьютер технологиялари жамиятимиз учун қанчалик аҳамиятли эканлиги, интернетдан самарали фойдаланиш эса ҳар бир инсонни дунё маълумотларидан бохабар бўлиб туришини кўрсатиб бердилар. Шунингдек, тўртинчи ташаббусда китоблар, кутубхонанинг аҳамияти ҳар бир инсон учун ҳаётда тиргак, маънавият ўчоғи эканлиги шеърлар орқали ифода этиб берилди.

Бешинчи ташаббус эса аҳоли бандлигига қаратилди. Унда болажонлар ўзлари қўллари билан ясаган тикув машиналари орқали кимгадир фойдаси тегишини, салатлар, турли хил кўринишга эга бўлган овқатларни пишириш орқали  аёл  оилада ўз ўрнига эга бўлиши лозимлиги амалий машғулотлар орқали тушунтириб берилди.  Шунингдек, тадбир давомида кўргазмалар ташкил қилинди. Кичкинтойлар томонидан “Беш ташаббус беш қанот”, “Мени қўлла ташаббус” мавзуларида шеърлар айтилди, миллий қадриятларимизни тараннум этувчи “Алла” қўшиғи ижро қилиб берилди.

Кўтаринки кайфиятда, катта ташаббуслар билан бошланган ушбу кеча худди шундай якунланди. 5 та муҳим ташаббус ҳар бир ёш авлодга катта мақсад ва марраларни енгиб, улкан ютуқларга эришишида кенг қанот ва буюк йўловчи бўлса ажаб эмас.

Қўшкўпир туман ҳокимлиги матбуот хизмати