Томорқа— ризқ-насиба, даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнини беқиёсдир. Томорқадан унумли ва самарали фойдаланиб келаётган, айниқса, ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, бугун ундан оқилона фойдаланиб келаётган ташаббускор тадбиркорларимиз борки, буни яхши билишади. 

Қўшкўпирлик тадбиркор, “Шоҳжаҳон Универсал Мега Сервис” МЧЖ раҳбари Жамолиддин Саъдуллаевни суҳбатга тортар эканмиз, шуларга амин бўлдик:

- Юртимизни шундас қиёслайман: Чўп қадасанг дарахт унар замин бу. Ҳақиқатдан ҳам бизнинг еримиз, сувимиз олтинга тенг, ҳар қанча фойдалансак арзийди. Еримизнинг бир сотих майдонидан ҳам унумли фойдаланиб, яхшигина даромад олиш мумкин. Баҳор ойлари ер билан тиллашиб, ундан даромад оладиган пайт. Айни кунда биз ҳосилимизни йиғим-терим палласидамиз. Инсонда битта нарса бўлиши керак:мақсадни тўғри қўйиш ва ерга яхши муносабатда бўлиш. Мамлакатимизда ҳар қандай эзгу мақсадга кенг шароитлар яратиб берилган. Ўзим ҳам тадбиркорларга яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда Халқ банкдан 390 минг доллар кредит эвазига ушбу фаолиятимни бошлаб юбордим. Бугун натижаси яхши.

Ҳақиқатдан ҳам иссиқхонада қизғин жараён, меҳнат маҳсуллари йиғиб олинмоқда. Помидор, бодринг, булгор қалампири, кўкатлар етиштирилаётган ушбу иссиқхонага “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 15 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилинган. Ҳосил мўл, даромад манбаи яхши. Маҳсулотлар эса маҳаллий бозорлардан ташқари қўшни Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

 

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ