Туманимиздаги 16-мактабда ўтказилган байрам кечаси барча ўқувчиларни она тилини қадрлашга, сўзларни тўғри талаффуз қилиб, хатосиз ёзишга, ўзбек тилининг изоҳли луғати бойлигидан унумли фойдаланишга ундади. Тадбир давомида мактабнинг юқори синф ўқувчиларидан Бону Болтаева, Муслима Кенжаева, Маҳлиё Комиловалар Аваз Ўтарнинг “Тил” деб номланган шеърини ифодали қилиб ўқиб беришди. Севинчой Пўлатова, Асалой Машарипова томонидан эса тилимизнинг софлиги, уни асраб-авайлаш, ўринли ва тўғри фойдаланиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги бошқа ўқувчиларга тушунтирилди. -Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган,-дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Анагул Исмоилова.- Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган ўзлигимиз ифодачисидир. Шунингдек, фаол ўқувчилар томонидан бахру байт, рубоийлар айтилди, ғазаллар куйга солиб ижро қилиб берилди. Фазилат ҚУРБОНБОЕВА, 16-сон мактабнинг Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси