Қўшкўпир туманида “Ҳоким соврини учун” мусобақасига ёш спортчилар томонидан ҳудуд ва туман босқичларида катта тайёргарлик кўрилаётган эди. 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан туман ҳокими Жўрабек Раҳимов туманимизнинг Ёшлар марказида спорт турлари бўйича ғолибликни қўлга киритган, энг фаол, заковатли, мусобақаларда, фан олимпиадаларида юқори натижаларни кўрсатиб келаётган ўқувчи-ёшларни, туманимиз нуфузини юксакларга кўтарилишида ўз ҳиссасини қўшаётган  ёш спортчиларни тақдирлади. 1-ўринни  эгаллаган мактаб жамоаси олтин медал, 2-ўринни эгаллаган мактаб жамоаси кумуш медал, 3-ўринни эгаллаган мактаб жамоаси эса бронза медали ва биринчи, иккинчи, учинчи даражали диплом билан тақдирландилар. Шунингдек, туман ҳокими томонидан қимматбаҳо совғалар ҳам топширилди.

     -Спортнинг минифутбол тури бўйича бизнинг мактаб жамоамиз 1-ўринни эгаллади,-дейди 46-мактаб ўқувчиси Диёрбек Нурметов. –Туман ҳокимининг биз ёшларга бўлган юксак эътибори, бизни қўллаб-қувватлаб, ҳар жиҳатдан куч бағишлаб турганлиги ҳар қандай машаққат ва қийинчиликларни енгиб ўтишимизга, юксак мақсадларга эришишимизга асос бўла олади.

      Жўшқин руҳда, кўтаринки кайфиятда тақдирланган  эртамизнинг эгалари буюк ишларни амалга оширишни, бунданда фаол бўлиб, жаҳон ареналарига чиқишни ваъда қилишди.  

Қўшкўпир туман ҳокимлиги матбуот хизмати