“Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муножат Қарриева учун ҳам 2020 йил синовли келди. У ҳам маҳалла мутасаддилари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилди. Бироқ, аёл бу билан чекланиб ўтирмади. Мўжазгина бўлсади ўзининг уйида кичик тадбиркорликни йўлга қўйди. Яъни, маҳалла аҳли учун нон ёпа бошлади. Ҳаракатда-баракат бўлади, деганлари рост экан. Муножат кўпчиликни меҳрини қозониб улгурди. Сабаби, у ёпган бир-биридан ширин ширмой нонлар кўпчиликка манзур бўлди. Аёл фаолиятини янада кенгайтириб, яқинда 2 нафар қизни шогирдликка ҳам олди, эндиликда нонвойхонада ширин печеньелар ҳам тайёрланади.  Яқинда фуқаронинг муаммоларини ўрганиш, фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон почтаси ОАЖ туман бўлинмаси бошлиғи Н. Боймуротова аёлнинг хонадонида бўлди.

-Бугунги кунда маҳалладан ажратилаётган моддий ёрдамлар оила шароитини вақтинча яхшилайди, деб ўйлайман,-дейди М. Қарриева.- Ундан кўра аёлларимиз бўш вақтидан унумли фойдаланиб, давлатимиз томонидан ажратилаётган кредит маблағлари, қолаверса, қулай шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб тадбиркорликни йўлга қўйсалар,  нафақат оиласи даромадига даромад қўшилади, балки, бўш иш ўринлари яратилади. Энг муҳими ҳар бир аёл жамиятнинг фаол аъзосига айланади.  Бунинг учун озгина ҳаракат қилинса кифоя.

Шу куни М.Қарриева кредит ажратиб беришда амалий ёрдам сўради, бу билан эса фаолиятини янада кенгайтиришни  мақсад қилганини айтиб ўтди. 

Ўзбекистон почтаси ОАЖ туман бўлинмаси бошлиғи Н. Боймуротова томонидан фуқаронинг муаммоси инобатга олинди.  Масала ижобий ечим топиши юзасидан Агробанк туман филиалига етказилди.

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ