“Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг раиси Ражаббой Рўзметов “Обод маҳалла дастури”доирасида ободонлаштирилаётган "Кўназей" маҳалласига бориб фуқаролар билан сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, қурилиш, коммуникациялар коммунал хизмат масалалари бўйича ўринбосари Равшанбек Матёқубов, туман электр тармоқлари корхонаси, тумангаз таъминоти бўлими ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашдилар.

Қабулга келган фуқароларнинг аксарияти сўз олиб, маҳаллада кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, оқова сув қувурлари ўтказилгани, йўллар таъмирлангани, WiFi тармоғига уланиш учун кабеллар тортилиб, тезкор Интернетдан фойдаланиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, 6 нафар фуқаро айрим муаммолар ечимига ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Улар тилга олган масалалар айнан шу жойнинг ўзида дахлдор ташкилотлар томонидан ҳал қилинди. Сайёр қабулда вилоят Кенгаши депутати Сайёра Худайберганова, туман Кенгаши депутати Меҳрибон Тиллаевалар ҳам қатнашиб, фуқаролар билан суҳбатлашдилар.


-Бугунги сайёр қабулга муаммо айтгани эмас,- балки раҳбарларга миннатдорлик билдиргани келдик,- дейди Роҳатой Отаева, -бундан икки ойлар олдин чанг кўчаларда юришга қийналар эдик, мана йўлларга асфальт ётқизилди. Хонадонлар оқова сув тармоғига уланди. Интернетдан фойдаланиш имконияти яратилди. Чироқларимиз ўчмайди. Ҳовли жойларимиз ораста бўлди, ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди, Ободликдан кайфиятимиз кўтаринки. Ушбу ишларнинг ташаббускори бўлган Юртбошимизга минг раҳмат.Вилоят, туман ҳокимларига ҳам ташаккурларимиз кўп. Яна бир фикр айтмоқчи эдим, бизнинг ҳудуддан “Миллий тикланиш”демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар депутатликка сайланган. . Муборак Аҳмедова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Сайёра Худайберганова вилоят Кенгаши, Меҳрибон Тиллаева туман Кенгаши депутатлари. Улар бир неча бор сайёр қабуллар ўтказганда йўл, электр, сув таъминоти хусусида муаммоларни тилга олганмиз. Муаммолар ечимида уларнинг ҳам ҳиссаси борлигини эътироф этамиз.