Ижтимоий тармоқларда “Аҳоли талаби билан Ўртаёп қишлоғида тез ёрдам шохобчаси ташкил қилинган эди. Озгина вақтдан сўнг “тез ёрдам” машинасини вилоятга олиб кетишди. Қишлоқ аҳли тез тиббий хизматга зор бўлиб ўтирибди. Қишлоқ врачлик пунктининг аҳволини эса таърифлашга тил ожиз...”  мазмунида видео материал ва унга илова қилинган “Шикоят хати”  тарқалган эди.  Унда Қўшкўпир тумани, Ўртаёп кишлоғи аҳолисининг кўрсатилаётган тиббий хизматдан норозилиги айтилган.

Ушбу видеоматериалдаги ҳолат туман ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, ТТБ ходимлари томонидан жойига бориб, Ўртаёп МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари билан биргаликда тегишли тартибда ўрганилди. Маълум  бўлишича, видеороликда кўрсатиб ўтилган бино Ўртаёп қишлоғи маҳаллаларида умуман мавжуд эмас. 

“Шикоят хати”да имзоси келтирилган фуқароларни МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари танишмади.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда, Ўртаёп қишлоғининг 12 841 нафар аҳолисига 2019 йилда “Обод маҳалла” Давлат дастури асосида тўлиқ реконструкциядан чиқарилган 21-сон оилавий поликлиника малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, бинода жойлашган тез тиббий ёрдам таянч пункти ва унга ажратилган автотранспорт воситаси кишлоқ аҳолисига биринчи тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатмоқда. Қишлоқ аҳолиси кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнунлигини эътироф қилишди.

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ