Қўшкўпир туман Ободонлаштириш бошқармаси қошида ташкил этилган иссиқхона  бир-биридан бежирим гуллар, мевали ва манзарали дарахтларга бой. Сабаби, бошқарма ходимлари тумандаги  марказий ва бошқа жойларни кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Иссиқхонада мевали дарахтлардан олча, олма, ўрик, нок, беҳи, олхўри, шунингдек, гужум, арча, терак, каталпа, шўлкоакация каби  манзарали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. 

Бу ерда кўзни қувнатувчи 15 турдаги гуллар эса ҳар қандай инсонни завқини келтиради. Диққатимизни тортган бинафшагуллилар оиласига мансуб виола гуллари ҳақида гуллар парваришига масъул Люба Пак қуйидагиларни гапириб ўтди.

-Виола, уч рангли бинафша, анютанинг кўзлари – биологик хусусиятларига кўра кўп йиллик ўсимлик, лекин манзарали боғдорчиликда икки йиллик, айрим ҳолларда эса бир йиллик сифатида ишлатилади.   Виоланинг боғ шакллари-уч рангли бинафша ва айрим бошқа турларини гибридлаш ва танлаш натижасида келиб чиққан. Чиройли виола гуллари ҳар қандай экин майдонига ўзгача чирой бағишлайди. Гуллар парвариши жуда нозик иш унга жуда эҳтиёткорлик билан ишлов бериш, асосийси меҳр билан парваришлаш лозим. Шунда кўзланган мақсадга эриша олади киши.

Эрта баҳор кунлари кўзларимизни яшнатиб, дилга завқ берувчи обод масканларга чирой бағишлайдиган гуллар, мевали ва манзарали дарахтлар Қўшкўпир туманига ҳам янада фусункорлик, ўзгача чирой бағишлаши шубҳасиз.

 

ҚЎШКЎПИР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ